Ҳурматли бошқарма тизими ишчи ва раҳбар ходимлари!
Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш ва ушбу жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди.
Таҳлилларга кўра, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали ва таъсирчан йўли бу – фаолиятнинг ҳар бир босқичида очиқлик, ошкоралик, ва шаффофликни таъминлаш ҳисобланади.
Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва туман ва шаҳар бўлимлари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ҳам очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бошқармада Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш тузилмаси ташкил этилиб, ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш вазифа ва функцияларини амалга ошириш учун ходимлар бириктирилди;
Вазирлик томонидан коррупцияга карши курашиш сиёсати, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом каби 12 та идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди;
Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун барча турдаги алоқа каналларининг («Ишонч телефони», электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар) узлуксиз фаолияти йўлга қўйилди;
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида «Коррупцияга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари» ҳамда «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари» каби мавзулар бўйича ходимларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди, шунингдек, доимий равишда тарғибот ва профилактика тадбирлари ўтказилиб келинмоқда;
Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига, ходим меҳнат шартномаси бўйича ўз хизмат вазифаларини бажараётганда, коррупциявий хатти-ҳаракатларда қатнашмаслик, ўз ваколатларини суистеъмол қилмаслик каби қатор мажбуриятлар бўйича ўзгартириш киритилди;
Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва режаси тасдиқланиб, ижрога қаратилди;
Бошқарма ва ҳудудий бўлимлар ҳамда тизим ташкилотларининг барча харидлари «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, давлат харидларининг махсус электрон портали орқали амалга оширилмоқда.
Бошқарма томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Бунда, бошқарма функциялари соҳасидаги тадбирлар ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишлар тўғрисидаги тафсилотлар, рақамлар, ҳисобот ва маълумотлар мунтазам равишда расмий веб-сайт, интернет тармоғидаги бошқа саҳифаларда ҳамда журналист ва блогерлар иштирокидаги тадбирларда, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситаларида ёритиб келинмоқда.
Бошқарма, ҳудудий бўлимлар ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ, ошкора ҳамда шаффоф танлов асосида, интернет тармоғида онлайн режимда намойиш этиш орқали ташкил этилди.
Коррупция ҳамда бюрократик омилларни олдини олиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни бошқарма фаолият йўналишларига оид қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ҳуқуқий ўзгаришлардан доимий хабардор бўлишларини таъминлаш, ҳар бир фойдаланувчига ҳужжатлар билан монеликсиз танишишга имкон яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон шакли расмий веб-сайтга жойлаштирилди.
Навбатдаги босқичда, бошқарма, ҳудудий бўлимлар ҳамда тизим ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш, ҳужжатлар ва белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ишончим комилки, бошқарма жамоаси, барча ишчи ва раҳбар ходимлари коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган амалдаги қонунчилик ҳамда идоравий ва ички локал ҳужжатларга, шунингдек, касбий одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва бошқарманинг коррупцияга қарши курашишга оид чора-тадбирлар мажмуи ҳамда ҳужжатлари ижросини сўзссиз таъминлаш чораларини кўриш бўйича шахсан намуна бўлишади.
Элёр Акбаров
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи